АТРОФГА НАЗАР

ХОРАЗМДА ЕТИШТИРИЛГАН ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ МАҲСУЛОТЛАРИНИНГ ХИТОЙ БОЗОРИГА ЭКСПОРТИ КЕНГАЯДИ


03.05.2024   342

Хоразм вилояти делегациясининг Хитойга ташрифи давомида мамлакатимизнинг Гуанчжоудаги Бош консулхона томонидан вилоятнинг инвестициявий ва экспорт салоҳияти бўйича тақдимотлар ишбилармон доира вакиллари ўртасида В2В шаклидаги музокаралар уюштирилди, деб хабар қилмоқда.

Жумладан, Гуандун провинциясида йирик озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, мева сабзавот бозорига эгалик қиладиган "Jiangnan group" компанияси раиси Йе Цанжиан билан учрашув ўтказилди.

Унда товуқ панжалари ва гуруч қолдиқларини экспорт қилиш ва компания бозорларининг бирида савдо-уйини очиш, шунингдек, "Jiangnan group" компанияси раҳбарияти ва мутахассисларининг Ўзбекистонга бизнес-миссиясини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Шунингдек, тадбиркорлар иштирокида Хоразм вилояти қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Гуандун провинциясига экспорти имкониятларига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди. Икки томонлама тақдимотлар ва B2B учрашувлар натижасида "Jiangnan group" компаниясига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларни етказиб бериш бўйича экспорт шартномаси имзоланди.

Донгуан шаҳрида ўтказилган "China International Food and Ingredients Expo & China International Pre-made Food Industry Expo" кўргазмасида Ўзбекистон экспорт маҳсулотлари стенди ташкил этилди. Унда Хоразм вилоятида ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари намойиш этилди. Тадбир доирасида Хоразм вилояти тадбиркорлари ва Донгуан компаниялари раҳбарлари ўртасида B2B шаклидаги музокаралар уюштирилди.

Шантоу шаҳрида ўтказилган "Ўзбекистон–Хитой" савдо-иқтисодий ҳамкорлик форумида Шантоу шаҳар мэри Цзэн Фэнбао бошчилигида шаҳар расмийлари ва 40 дан ортиқ компания раҳбарлари қатнашди. Музокаралар натижасида бир қатор келишувларга эришилди.

Гуаньси провинциясида ҳам Хоразм вилояти инвестициявий имкониятлари, экспорт салоҳияти тақдимотлари ва тадбиркорлар ўртасида B2B ҳамда G2B форматидаги учрашувлар уюштирилди.

Музокаралар сўнггида Хоразм вилоятида экспорт ва инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан дастлабки келишувларга эришдилар.