Хорижда

ЎЗБЕКИСТОН ФУҚАРОСИ САНКТ-ПЕТЕРБУРГДА ТЎРТ КИШИНИ ЁНҒИНДАН ҚУТҚАРИБ ҚОЛДИ


03.05.2024   304

Ўзбекистоннинг Санкт-Петербургдаги Бош консулхонасида ёнғин содир бўлган кўп қаватли уйдан тўрт нафар аёлни қутқариб қолган "Жилкомсервис Адмиралтейского района" МЧЖ ходими, ҳамюртимиз Олимжон Иброҳимов билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА.

Мулоқот чоғида ҳамюртимиз воқеа тафсилотларини сўзлаб берди. Унинг айтишича, 25 апрель куни эрталаб у ўз участкасини режали кўздан кечириш чоғида 39-уйда ёнғин содир бўлганини аниқлаган ва ўт ўчирувчиларга хабар қилган. "Хонадондаги аҳолининг қичқириғини эшитиб, эшикдан кириш имкони бўлмагани учун қувур орқали аланга ичида қолганларга ёрдам беришга ошиқдим. Тепага кўтарилаётган пайтимда йиқилиб тушишимга сал қолди. Олов ичида қолган тўрт кишини қутқардик. Уларнинг бири қувур орқали ва қолганларини эса ўт ўчириш машинаси зиналари кўмагига пастга олиб тушилди", дея эслайди Олимжон Иброҳимов.

Ватандошимиз кўрсатган қаҳрамонликда ҳарбий билимлари ас қотган. У Ўзбекистонда Ҳаво-десант қўшинлари сафларида хизмат қилган. 2017 йилдан бери оиласи билан Россияда истиқомат қилади. Унинг икки нафар вояга этган қизлари бор.

Олимжон Иброҳимов айтишича, бу ёнғин пайтида одамларни қутқариш бўйича иккинчи ҳолат. Бир йил аввал у Россия шимолидаги Варейская кўчасида содир бўлган ёнғинда аёл кишининг ҳаётини сақлаб қолган.

Суҳбат давомида Бош консулхона ходимлари ва диаспора фаоллари ҳамюртимизга кўрсатган жасорати учун миннатдорлик билдирдилар ва эсдалик совғаларини топширишди.