ЖАМИЯТ

ЎЗБЕКИСТОН ВА ҚАТАР ИШЧИЛАРНИ ЖАЛБ ЭТИШ БЎЙИЧА ҲАМКОРЛИКНИ ЙЎЛГА ҚЎЙМОҚДА


03.05.2024   312

Ўзбекистон элчиси Ашраф Ходжаев Қатар меҳнат вазири Али бин Самих ал-Марри билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА.

Музокаралар давомида икки давлат раҳбарлари ўртасида яқин дўстлик ва биродарлик алоқалари ўрнатилгани ҳамда 2023 йилда уч маротаба олий даражадаги ташрифлар ташкил этилгани юқори баҳоланди. 2023 йил июнь ойида Қатар Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг Самарқандга ташрифи давомида икки давлат ҳукуматлари ўртасида Ишчиларни ишга қабул қилиш бўйича ҳамкорлик битими имзоланганига алоҳида эътибор қаратилди.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ, қўшма қўмитанинг биринчи йиғилишини Тошкентда ўтказиш ва томонлар ўртасида Ўзбекистон фуқароларини Қатарда иш билан таъминлаш бўйича ўзаро музокаралар уюштириш тўғрисида келишиб олинди.

Бундан ташқари, Қатар меҳнат вазирлиги талабига мувофиқ, кадрларни мамлакатимиздаги алоҳида марказларда ўқиш хусусида фикр алмашилди.

Қатар томони охирги 10 йил давомида асосан қуриш соҳасига хориждан кадрларни жалб этилаётнини, ҳозир кунда эса туризм, соғлиқни сақлаш, транспорт, компьютер технологиялари ва бошқа соҳаларда малакали мутахассисларга талаб юқорилигини билдирди. Бу йўналишда Ўзбекистон муҳим ҳамкор бўла олишини Қатар томони алоҳида таъкидлади.